“Электрон ҳукумат” тизимининг Рақамли маълумотлар платформаси — тижорат ташкилотлари ва хўжалик юритувчи бошқа субъектлар томонидан ўз тижорат хизматларини кўрсатиш доирасида давлат органларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларида мавжуд маълумотларни узатиш учун мўлжалланган аппарат-дастурий воситалар тўплами.
Фойдаланувчиларнинг ахборот тизимларини Рақамли маълумотлар платформасига улаш фақат ҳимояланган ВПН тармоғи орқали ташкил этилади.
Фойдаланувчи ва оператор ўртасидаги ахборот алмашинуви тегишли сўров юбориш йўли билан Рақамли маълумотлар платформаси ёрдамида амалга оширилади.
Рақамли маълумотлар платформасига уланган ахборот тизимлари ва ресурсларида мавжуд бўлган шахсга доир маълумотлар билан ахборот алмашинуви “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва ушбу соҳадаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Рақамли маълумотлар платформаси орқали маълумотлар фойдаланувчининг вазифаларини бажариш учун қайта ишлаш мақсадида тақдим этилади.
Фойдаланувчи ўзига тегишли бўлган маълумотларнинг ишончлилиги, тўлиқлиги ҳамда долзарблигини таъминлаш шарти билан уларни бошқа фойдаланувчиларга, давлат органлари ва ташкилотларига Рақамли маълумотлар платформаси орқали белгиланган тартибда шартнома асосида тақдим этиши мумкин.