Rumah Pendidikan Индонезияга WSIS Prizes 2026 танловида «Электрон ҳукумат» йўналишида илк ғалабани олиб келди. Бу ютуқ рақамли трансформациянинг моҳияти технологиянинг ўзида эмас, балки у орқали фуқаролар учун содда, қулай ва ишончли давлат хизматларини яратишда эканини кўрсатди.
Маълумот учун: WSIS Prizes — Ахборот жамияти бўйича Бутунжаҳон саммити (World Summit on the Information Society) доирасида ўтказиладиган халқаро танлов. БМТнинг Халқаро электралоқа иттифоқи (ITU) томонидан ташкил этилади ва ахборот-коммуникация технологиялари орқали жамият ривожига ҳисса қўшаётган энг яхши лойиҳалар эътироф этилади.
Кўп йиллар давомида давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ишга туширилган иловалар сони, сарфланган маблағлар ва технологиялар тараққиёти даражаси каби миқдорий кўрсаткичлар асосида баҳолаб келинди.
Бироқ фуқароларга ҳукумат қандай технологияларни қўллаётганининг умуман қизиғи йўқ.
Одамларни оддий нарсалар ўйлантиради: давлат хизматларидан фойдаланиш осонлашдими, улар тезроқ кўрсатиляптими ва энг муҳими, бу хизматлар уларнинг ҳаётини яхшилаяптими?
Рақамли трансформация — кўпроқ иловалар ишлаб чиқиш мусобақаси эмас. Бу давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни инсон эҳтиёжларига мос, содда ва ишончли давлат хизматлари орқали янгича шакллантириш жараёнидир.
Хизматлардан фойдаланиш осонлашса, уларнинг фаолияти очиқ-ошкора ва одамларнинг ҳақиқий муаммоларини ҳал эта олса, давлат институтларига ишонч ҳам ортиб боради.
Аксинча, ўта мураккаб технологиялар ҳукумат билан фуқаролар ўртасидаги жарликни янада чуқурлаштиради.
2026-йил 9-июль куни Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтган Ахборот жамияти бўйича Бутунжаҳон саммити (WSIS)дан чиқарган хулосаларим билан ўртоқлашмоқчиман.
Индонезиянинг таълим соҳаси учун яратилган расмий супериловаси — Rumah Pendidikan ғолиб деб эълон қилинганида, табиийки, фахр ва ифтихорни туйдим.
Бунгача Индонезиянинг энг юқори натижаси 2021 йилда JAKI (Jakarta Now) супериловасига берилган «чемпионлик» мақоми эди.
Индонезия бошланғич ва ўрта таълим вазирлиги томонидан ишга туширилган Rumah Pendidikan лойиҳаси ўқитувчилар, ўқувчилар, мактаблар, ота-оналар ҳамда давлат ҳамкор ташкилотларини ягона рақамли платформада бирлаштиришга қаратилган.
Индонезия президенти Прабово Субианто Rumah Pendidikan қўлга киритган ютуқни 20 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг ялпи мажлисида алоҳида эътироф этди.
Рақамлаштиришдан оддийлик сари
Индонезия — 17 мингдан ортиқ оролдан иборат архипелаг-мамлакат. Бу Индонезия таълим соҳасида барча учун тенг имкониятларни яратиш йўлида жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Рақамлаштириш жадал суръатларда ривожланмоқда, аммо мамлакат бу йўлда катта жўғрофий тўсиқ мавжудлигини ҳам доим инобатга олиб келади.
Авваллари индонезиялик ўқитувчилар турли вазифаларни бажариш учун бир нечта иловадан фойдаланишга мажбур эдилар. Ота-оналар ўзларига керакли хизматларни топишда қийналишарди. Ўқувчилар бўлса таълим ресурсларидан фойдаланиш учун бир платформадан бошқасига ўтишига тўғри келарди.
Яъни рақамлаштириш амалга оширилган, бироқ фойдаланувчилар учун жараён осонлашмаган эди.
Ана шу паллада мен интеграция — шунчаки турли тизимларни ўзаро боғлаш эмас, балки бундан-да анча кенг қамровли тушунча эканини англадим.
Интеграция, энг аввало, йиллар давомида фуқаролар азият чекиб келган маъмурий юкламани камайтириш демакдир.
Бир хил шаклларни қайта-қайта тўлдириш, янги аккаунтлар яратиш ва ўша-ўша маълумотларни такроран тақдим этиш ўқитувчилар, ота-оналар ва мактабларнинг қимматли вақтини олади. Ваҳоланки, бу вақтни ўқитувчилар билим беришга, ота-оналар фарзандларига, мактаблар эса таълим сифатини оширишга сарфлаши мумкин эди.
Рақамли трансформациянинг вазифаси — ана шу вақтни одамларга қайтариш.
Шунинг учун ҳам Rumah Pendidikan аввалбошдан оддий илова сифатида кўрилмади. У ўқитувчилар, ўқувчилар, ота-оналар, мактаблар ва маҳаллий давлат бошқаруви органлари учун мўлжалланган таълим хизматларини ягона интеграциялашган экотизимда бирлаштирувчи умумий рақамли макон сифатида яратилди.
Нега айнан «Румаҳ»?
«Rumah Pendidikan» («Таълим уйи») атамасини биринчи бўлиб Индонезия бошланғич ва ўрта таълим вазири, профессор Abdul Mu’ti таклиф қилди.
Мен учун румаҳ («уй») сўзининг танланиши уни рақамли платформа номи сифатида қўллашдан кўра анча чуқурроқ маънога эга.
Уй — бу ҳар бир инсон ўзини қадрланган ҳис қиладиган, қўллаб-қувватланадиган, камол топадиган ва зарурат туғилганда ҳар доим қайтиб келиши мумкин бўлган маскан.
Кейинчалик бу фалсафа вазирликнинг рақамли хизматлари учун асос бўлган RAMAH корпоратив маданиятида ўз ифодасини топди. Унинг негизини тезкорлик, ҳисобдорлик, хизмат кўрсатишга йўналтирилганлик, мослашувчанлик ва ҳамжиҳатлик тамойиллари ташкил этади.
Бугунги кунда Rumah Pendidikan 66 та таълим хизматини ягона платформага бирлаштирган. Унинг 6,9 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси бор, платформага ташрифлар сони 67 миллиондан ошди ҳамда унинг фаолиятини 50 дан зиёд стратегик ҳамкор қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Индонезиянинг чегара, олис ва қолоқ ҳудудларидаги 104 мингдан ортиқ ўқитувчи мазкур платформадан таълим бериш ва ўқитиш сифатини ошириш мақсадида фойдаланмоқда. Мамлакатнинг 513 та округ ва шаҳарларидаги 339 мингдан зиёд таълим муассасаси эса Rapor Pendidikan («Таълим ҳисоботи») тизимидан маълумотларга асосланган режалаштиришнинг асосий воситаси сифатида фойдаланади.
Мактаб таълимидан — узлуксиз таълимга
Мен гувоҳ бўлган энг муҳим ўзгаришлар технология билан эмас, балки ёндашувнинг ўзгариши билан боғлиқ.
Узоқ йиллар давомида бизнинг тасаввуримизда таълим деганда фақат мактаб, яъни мактаб биноси ва синфдаги дарслар ўрнашиб олди.
Аслида таълим мактаб қўнғироғи чалиниши билан тугамайди.
Rumah Pendidikanнинг асосий мақсади таълимни бутун умр давом этадиган ва исталган жойда амалга ошиши мумкин бўлган узлуксиз жараён сифатида шакллантиришга кўмаклашишдан иборат.
Бу ёндашувда ўқитувчи таълим жараёнининг марказида қолади, технологиялар унинг ўрнини эгалламайди, балки энг яқин кўмакчисига айланади.
Сунъий интеллект жадал суръатларда ривожланаётган бугунги шароитда мазкур тамойил янада аҳамиятлидир.
Сунъий интеллект ўқитувчиларга ўқув материалларини тайёрлаш, ўқувчиларнинг ўзлаштиришини таҳлил қилиш ва маъмурий ишлар ҳажмини қисқартиришда ёрдам бериши мумкин. Бироқ ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги меҳр-оқибат, устозлик ҳамда инсонлараро муносабатларни ҳеч қандай технология алмаштира олмайди.
Шу боис мен WSIS Prizes 2026 мукофотини бу йўлнинг якуни деб ҳисобламайман.
Аксинча, ушбу мукофот рақамли трансформация фақат янги иловалар яратиш ёки замонавий технологияларни жорий этиш билан чекланмаслиги кераклигини яна бир бор эслатди.
Қолаверса, шахсан менинг фикримча, халқаро мукофотлар эътирофнинг бир шакли, холос.
Аслида энг муҳим кўрсаткич — фуқароларнинг давлат хизматларидан кундалик фойдаланиш тажрибаси.
Эҳтимол, охир-оқибат таълимдаги рақамли трансформациянинг чинакам моҳияти жуда оддий нарсаларда акс этар. Ажабмаски, ўшанда одамлар қайси иловани очиш, қайси шаклни тўлдириш ёки қайси идорага мурожаат қилиш кераклиги ҳақида бош қотирмайди ва бор эътиборини ва вақтини ўқиш, ўқитиш ва ривожланиш каби энг муҳим нарсаларга сарфлай олади.
Yudhishtira Nugraha
Муаллиф ҳақида: Индонезия бошланғич ва ўрта таълим вазирлигининг Коммуникациялар ва жамоатчилик билан алоқалар хизмати раҳбари. Бунгача 2024–2026 йилларда вазирликнинг Маълумотлар ва ахборот технологиялари марказига раҳбарлик қилган, шунингдек, 2019–2023 йилларда Jakarta Smart City («Ақлли Жакарта») лойиҳасини бошқарган. Буюк Британиянинг Оксфорд университетида киберхавфсизлик йўналиши бўйича фалсафа доктори (DPhil) илмий даражасини олган.
Манба: egov.uz