Сеул шаҳрида бўлиб ўтаётган Global AI & Digital Summit халқаро саммити доирасида Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ва IT Park Uzbekistan вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Жаҳон банки гуруҳининг рақамли трансформация бўйича минтақавий директори Мишел Керф (Michel Kerf) бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашувда мамлакатимизда рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, ижтимоий соҳада ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Музокараларда маълумотлар сифатини яхшилаш, рақамли инклюзивликни таъминлаш ва киберхавфсизликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, сунъий интеллектнинг илғор ечимлари, жумладан, Agentic AI технологияларини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди. Мазкур илғор технологиялар давлат хизматларини янада интеллектуал ва проактив шаклда кўрсатиш ҳамда бошқарув самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Ушбу мулоқот халқаро тажриба алмашиш, янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ва замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга оширишда муҳим қадам бўлди. Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон фуқаролари учун давлат хизматлари сифатини ошириш ва улардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Манба: egov.uz