Туркия давлат нашрлари хабар беришича, мамлакатдаги барча идораларда янги технологиялардан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш мақсад қилинган. Шу боис ҳукумат барча давлат хизматчилари учун сунъий интеллект асосларини ўрганишни мажбурий қилиб қўйди.
Саноат ва технологиялар вазирлиги бошчилигидаги ушбу онлайн таълим дастури 2026–2030 йилларга мўлжалланган Сунъий интеллект бўйича миллий ҳаракатлар режаси асосида ташкил этилмоқда. Бунда ходимлар бевосита ўз иш фаолиятига алоқадор бўлган амалий машғулотларда қатнашади. Кадрлар бўлими эса ходимларнинг дарсларни қандай ўзлаштираётганини ва ўқишни якунлаганини доимий кузатиб боради.
Ўқув дастури генератив сунъий интеллектдан фойдаланиш, маълумотларни ҳимоя қилиш, ахлоқ ва дипфейклар (сохта тасвир/видеолар) ҳақида хабардорликни ўз ичига олади, имтиҳонларни муваффақиятли топширганларга сертификатлар берилади.
Муассасалар сунъий интеллект соҳасидаги лойиҳалар портфелини бошқариш учун юқори бўғин раҳбарларини тайинлайдилар. Таркибий бўлинмалар ушбу тайинловлардан кейин 12 ҳафта ичида уч йиллик ривожланиш режаларини тайёрлашлари керак.
Ҳукумат янги технологияларни аввал кичик миқёсда синаб кўриб, кейин оммалаштириш усулидан фойдаланади. Бунда дастлабки босқичдаги кичик харидлар пайтида технологик тадбиркорлик сертификати бор стартапларга алоҳида имтиёз берилади. Вазирликлар тезкор синов лойиҳаларини бошлайди ва улар ўзини оқласа, олти ойдан бир йилгача бўлган муддатда бутун мамлакат миқёсида жорий этади.
Маъмурият дастлабки бир йил ичида камида 10 та вазирликда сунъий интеллектни жорий этиш бўйича 30 та тажриба лойиҳасини йўлга қўяди, бу ишлар икки босқичда амалга оширилади. Бу орқали энг муҳим ҳисобланган 10 та давлат хизматини тўлиқ рақамлаштириш тизими яратилади.
Электрон ҳукумат тизимида фойдаланувчиларга мос хизматларни тавсия қилиш, аризаларни олдиндан текшириб олиш ва ҳужжатлар билан ишлашда «ақлли» ёрдамчи воситалар синовдан ўтказилади. Мутасаддилар ушбу платформа орқали аҳоли учун сунъий интеллектга асосланган камида бешта янги хизматни йўлга қўймоқчи. Бунда барча жараёнлар инсон назоратида бўлади ва тизим қандай қарор қабул қилганини асослаб бера олиши шарт. Жамият ҳаётига катта таъсир кўрсатадиган дастурлар эса мажбурий текширувдан ўтказилиб, сертификатланади.
Бу ташаббус Туркия ҳукуматининг давлат идораларини рақамлаштириш йўлидаги катта режаларининг бир қисмидир. Бундан кўзланган асосий мақсад — сунъий интеллект ёрдамида қоғозбозликка чек қўйиш ҳамда давлат хизматларини замон талабларига мослашдир. Бунгача ҳам мамлакатни рақамлаштириш ва идоралардаги иш ҳажмини камайтириш бўйича бир қатор дастурлар қабул қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб қўйилган эди.
Манба: egov.uz