Вьетнамда 2026–2030-йилларга мўлжалланган рақамли трансформация миллий стратегияси тасдиқланди. У 2045-йилгача бўлган истиқболни ҳам белгилаб беради.
Стратегияда маълумотлар ҳамда сунъий интеллект (СИ) воситасида иқтисодий ўсишни жадаллаштириш билан бир қаторда, фаровон, хавфсиз ва инсон манфаатларига хизмат қилувчи рақамли давлат барпо этишдек юксак мақсадлар кўзланган.
Мазкур стратегияда бош мезон — аҳоли ва тадбиркорлар, улар рақамлаштириш жараёнининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ва ундан энг кўп манфаат кўрувчи томон сифатида белгиланган.
Вьетнам рақамли трансформация барча соҳаларни тўлиқ қамраб оладиган ва мамлакат тараққиётининг асосий омилига айланадиган юксак рақамли давлат бўлишга интилмоқда. Стратегияда маълумотлар ҳамда СИга асосланган замонавий давлат бошқаруви тизимини яратиш, стратегик рақамли технологиялар, платформалар ва маҳсулотлар бўйича ички салоҳиятни мустаҳкамлаш, шунингдек, миллий рақамли суверенитетни ишончли ҳимоя қилиш кўзда тутилган.
Стратегияда мақсадлар уч асосий йўналишга ажратилган: рақамли ҳукумат, рақамли иқтисодиёт ва рақамли жамият.
Рақамли ҳукуматни ривожлантириш дастури доирасида Вьетнамда 2030-йилга қадар барча маъмурий жараёнлар ва бу билан боғлиқ барча ҳужжатлар тўлиқ рақамлаштирилади.
Шу тариқа аҳолининг давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш даражасини 99 фоизга етказишдир. Барча вазирликлар, идора ва маҳаллий ҳокимият органлари бошқарув ҳамда давлат хизматларини кўрсатишда ягона миллий рақамли платформалардан фойдаланиши мажбурий этиб белгиланди.
Барча давлат ахборот тизимлари миллий маълумот алмашинуви хизматлари орқали ўзаро интеграция қилинади. Ҳар бир миллий, тармоқ ва ҳудудий умумий маълумотлар базаси эса ягона стандартга келтирилиб, бир-бирига боғланади ва сунъий интеллектдан фойдаланиш учун тайёр ҳолатга келтирилади.
Стратегияда, шунингдек, таҳлил қилиш, прогнозлаш, олдиндан огоҳлантириш, мониторинг олиб бориш ва қарорлар қабул қилишни қўллаб-қувватлаш учун сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда, барча ҳудудий интеллектуал бошқарув марказларини модернизация қилиш кўзда тутилган.
Ҳар бир давлат хизматчиси ва мансабдор шахснинг электрон шахсий варақаси юритилади, шунингдек, барча ходимлар рақамли кўникмалар бўйича ўқитилади. Рақамли трансформация ва ахборот технологиялари учун масъул мутахассисларнинг технологик билимлари мунтазам янгилаб борилади. Бундан ташқари, ҳар бир давлат хизматчисига сунъий интеллект ёрдамчиси аккаунти тақдим этилиб, улар давлат бошқарувида сунъий интеллект воситаларидан фойдаланишга ўргатилади.
Бундан ташқари, расмий статистика кўрсаткичларининг 70 фоизи маъмурий маълумотлар асосида шакллантирилиши кутилмоқда, бу эса анъанавий сўровномаларга бўлган эҳтиёжни камайтиради.
Вьетнам шу тариқа БМТнинг электрон ва рақамли ҳукумат рейтингида жаҳондаги энг илғор 50 та мамлакат қаторидан жой олмоқчи.
Стратегияга кўра, 2030 йилга бориб рақамли иқтисодиётнинг Вьетнам ялпи ички маҳсулотидаги улушини камида 30 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Мамлакатда рақамли трансформацияни амалга ошириш учун камида 500 000 та кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектига кўмаклашилади.
Бундан ташқари, маълумотлар алмашинувини рағбатлантириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш учун хавфсиз ҳамда қонунчилик талабларига тўлиқ жавоб берадиган камида бешта маълумот алмашиш платформасини яратиш ва ишга тушириш режалаштирилган.
Ислоҳотлар натижасида электрон тижоратнинг чакана савдо ва аҳолига хизмат кўрсатишдан тушадиган ялпи даромаддаги улуши 15-17 фоизга етиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, тижорат соҳасидаги кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг 45 фоизи йирик маҳаллий ва халқаро электрон тижорат платформаларига жалб этилиши кутилмоқда.
Стратегияда нақд пулсиз ҳисоб-китоблардан фойдаланишни кескин кенгайтириш ҳам кўзда тутилган, унга кўра, транзакцияларнинг умумий ҳажми ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажмидан 30 бараваргача кўп бўлиши лозим.
Меҳнат унумдорлиги ва рақобатбардошликни ошириш мақсадида кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг 40 фоиздан ортиғи «модел хизмат сифатида» (model-as-a-service) платформаларини, сунъий интеллект агентларини ёки сунъий интеллектга асосланган умумий ечимларни жорий этиши кутилмоқда.
Рақамли тафовутни камайтириш учун эса стратегия доирасида бутун мамлакат бўйлаб барча хонадонларни оптик толали кенг полосали интернет билан таъминлаш ишлари янада кенгайтирилади.
15 ва ундан катта ёшли аҳолининг камида 95 фоизи банк ҳисобварақларига ёки бошқа ваколатли молиявий ташкилотлардаги ҳисобварақларга эга бўлиши кутилмоқда.
18 ва ундан катта ёшли аҳолининг 70 фоиздан ортиғи шахсий рақамли ёки электрон имзога эга бўлади, шунингдек, электрон тиббий карталар билан мамлакатнинг жами аҳолисини қамраб олиш режалаштирилган.
Ушбу дастур доирасида 2026–2030 йиллар давомида меҳнатга лаёқатли вьетнамликларнинг камида 10 миллион нафарига рақамли кўникмалар бўйича бошланғич таълим берилади.
Маълумотлар миллий стратегик ресурс сифатида белгиланди
Стратегияда маълумотлар рақамли давлат бошқаруви, рақамли иқтисодиёт ва рақамли жамиятнинг негизини ташкил этувчи стратегик ресурс сифатида тавсифланган.
Унда маълумотларнинг аниқлиги, етарлилиги, ҳаққонийлиги, мунтазам янгиланиб туриши, ягона стандартга келтирилиши, биргаликда фойдаланиш учун очиқлиги, ишончли ҳимояланиши ва улардан самарали фойдаланишни назарда тутувчи тамойилларга асосланган ягона миллий маълумотларни бошқариш тизимини яратиш зарурлиги белгиланган.
Бунда асосий эътибор миллий, тармоқ ва маҳаллий маълумотлар базаларини яратишни якунлаш ҳамда уларни ўзаро бирлаштиришга қаратилади. Шунингдек, сиёсий қарорлар ишлаб чиқиш, давлат бошқаруви ва хизмат кўрсатиш жараёнларида сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланувчи ягона интеграциялашган миллий маълумотлар базасини яратиш устувор вазифа ҳисобланади.
Энг муҳим маълумотлар базалари аҳоли, ер ресурслари, тадбиркорлик, молия, суғурта, соғлиқни сақлаш, таълим, меҳнат, ижтимоий таъминот, давлат хизматчилари, транспорт, шунингдек, табиий ресурслар ва атроф-муҳитга оид маълумотларни ўз ичига олади.
Стратегияда, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, уларни кўриб чиқиш вақтини қисқартириш, тўлиқ онлайн хизматлар улушини ошириш ва фойдаланувчиларнинг қониқиш даражасини юксалтириш мақсадида маъмурий маълумотларни рақамлаштириш, стандартлаштириш, тозалаш ва улардан қайта фойдаланишни жадаллаштиришга алоҳида урғу берилган.
Шу билан бирга, Вьетнам сунъий интеллект интеграция қилинган умумий миллий рақамли платформаларни кенгайтиришни давом эттиради. Уларнинг қаторига маълумотларни интеграция қилиш ва алмашиш, рақамли идентификация ва аутентификация, рақамли тўловлар, рақамли хариталаш, бошқарув ва ҳисобот, сунъий интеллект ёрдамчилари, очиқ маълумотлар платформалари, шунингдек, соғлиқни сақлаш, таълим, савдо, логистика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва ақлли шаҳарларга хизмат қилувчи тармоқ платформалари киради.
«Вьетнамда ишлаб чиқарилган» (Made in Vietnam) шиори остида рақамли технологиялар экотизимини ривожлантириш рағбатлантирилади
Стратегияда рақамли технологиялар соҳасида фаолият юритаётган Вьетнам корхоналари технологияларни ўзлаштириш ва ривожлантиришда, шунингдек, рақамли трансформация борасидаги асосий миллий вазифаларни ҳал этишда бош етакчи куч сифатида белгиланган.
Мазкур корхоналар рақамли технологияларни барча тармоқ ва ҳудудларга жорий этган ҳолда, мамлакатда рақамли ҳукумат, рақамли иқтисодиёт, рақамли жамият ҳамда рақамли технологиялар саноатини ривожлантиришда етакчи рол ўйнаши кутилмоқда.
Бунда асосий эътибор «Вьетнамда ишлаб чиқарилган» ташаббуси доирасида рақобатбардош рақамли технологиялар экотизимини яратишга қаратилади. Ушбу тизим рақамли платформалар, маълумотлар, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, булутли ҳисоблашлар, яримўтказгичлар, дастурий таъминот, рақамли контент ҳамда рақамли трансформация учун тармоқ ечимларига ихтисослашган компанияларни ривожлантиришни кўзда тутади.
Ҳукумат, шунингдек, маҳаллий технология компаниялари учун йирик буюртмачи ва асосий бозор вазифасини бажариш мажбуриятини олади.
Давлат харидлари, давлат шартномалари, хизматлар ауцорсинги ҳамда регуляторлик «қумдон»лари (тажриба майдончалари) механизмлари орқали маҳаллий рақамли маҳсулот ва хизматларнинг бозорга тезроқ чиқиши учун имкониятлар яратилади. Бу имтиёзлар, айниқса, онлайн давлат хизматлари, умумий рақамли платформалар, миллий маълумотлар базалари, киберхавфсизлик, рақамли тиббиёт, рақамли таълим, рақамли тўловлар ва рақамли бошқарув соҳаларига татбиқ этилади.
Бундан ташқари, рақамли технологиялар соҳасидаги корхоналарга илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини кучайтириш, маҳсулотларни лойиҳалаш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, сифат стандартларига риоя этиш, киберхавфсизликни таъминлаш, маҳсулотларни тижоратлаштириш ва бозорни кенгайтиришда кўмаклашилади.
Стратегияда, шунингдек, рақамли технологиялар соҳасида ички қиймат занжирини яратиш ҳамда Вьетнам рақамли маҳсулот ва хизматларидаги маҳаллий қўшилган қиймат улушини ошириш мақсад қилинган. Бунинг учун йирик корпорациялар, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари, илмий-тадқиқот институтлари, университетлар, инновация марказлари, юқори технологиялар парклари ва давлат идоралари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш рағбатлантирилади.
Манба: egov.uz