Жаҳон дайжести: Рақамли идентификация соҳасидаги сўнгги янгиликлар
2026-11-05 12:00

Онтарио маъмурияти рақамли шахсий ҳужжатларни босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этишини эълон қилди.

Канада

Онтарио маъмурияти рақамли шахсий ҳужжатларни босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этишини эълон қилди.

Лойиҳа дастлаб «Ontario Photo Card» ҳужжатининг электрон версиясини яратишдан бошланади. Хусусий сектор ва шахсий маълумотлар дахлсизлиги бўйича экспертлар билан муҳокамалар жорий йил охирида йўлга қўйилади. Кейинги босқичларда эса аҳоли хоҳишига кўра электрон ҳайдовчилик гувоҳномаси ва рақамли тиббий карталар жорий этилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, 2027 йил охиригача янги қонун ишлаб чиқилиб, унда фуқароларнинг рақамли паспорт ўрнига одатий пластик ёки қоғоз ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқи ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланади.

Вьетнам

Вьетнам ҳукумати электрон идентификация қамровини нафақат фуқаролар ва ташкилотлар, балки товарлар, рақамли активлар (криптовалюталар), молиявий амалиётлар ва географик манзилларни ҳам қамраб оладиган даражада кенгайтирмоқчи.

Жамоат хавфсизлиги вазири Лионг Там Куанг Миллий Ассамблеяга тақдим этган қонун лойиҳасига кўра, тизимда сохта биометрик маълумотлардан ёки сунъий интеллект ёрдамида яратилган фотосуратлардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.

Ушбу янги тизим «VNeID» миллий иловасини, ягона марказий маълумотлар базасини ва электрон ҳужжатларни текшириш платформасини ўз ичига олади.

Италия

Италиянинг шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш қўмитаси умумевропа рақамли ҳамёни — «European Digital Identity Wallet» тизимининг мамлакатдаги техник лойиҳасини расман тасдиқлади.

Қўмита «IT-Wallet» тизими амалдаги хавфсизлик талабларига тўлиқ мос келишини билдирди ва лойиҳага ўзгартириш киритмади.

Гонконг

Гонконг халқаро аэропорти Халқаро ҳаво транспорти ассоциациясининг (IATA) «One ID» дастури бўйича расмий сертификатга эга бўлди.

Эндиликда йўловчилар назорат пунктларидан ўтишда паспорт ёки чипталарини қайта-қайта кўрсатиб ўтирмайди, тизим биометрик технологиялар ва рақамли ID орқали ишлайди.

Шунинг баробарида, IATA вакиллари турли давлатлардаги қонунчилик ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш қоидалари ҳар хил бўлгани сабабли, дунё бўйлаб биометрик тизимларни жорий этиш кутилганидан секинроқ кечаётганини таъкидлашди.

Покистон

Покистон ҳукумати Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган 78 миллион долларлик рақамли иқтисодиёт лойиҳаси доирасида аҳоли учун энг зарур бўлган 10 та давлат хизматини тўлиқ рақамли форматга ўтказди.

Лойиҳа доирасида ягона кириш тизими (Single Sign-On) идоралараро маълумот алмашиш миллий платформаси билан боғланди. Эндиликда фуқаролар «PakID Vault» тизими орқали миллий паспорт, ID-карта ва бошқа расмий ҳужжатларнинг рақамли нусхаларидан эркин фойдаланишлари мумкин.

Уругвай

Уругвай 2026 йил охиригача миллий ID-картаси — «cédula»нинг рақамли версиясини синовдан ўтказишни бошлайди.

Лойиҳани кенг миқёсда жорий этиш эса 2027 йилнинг ўрталарига режалаштирилган.

Мамлакат Электрон ҳукумат агентлиги («Agesic») янги рақамли тизимни аввал кам сонли фойдаланувчилар иштирокида синовдан ўтказади. Шундан сўнг у давлат идоралари ва хусусий компанияларда жорий этилади. Бундан ташқари, янги мобил илова ёрдамида смартфонлар оддий пластик ID-карталардаги чипларни тўғридан-тўғри ўқий олади. Бу эса қўшимча карт-ридер (карта ўқувчи) қурилмаларини сотиб олишга эҳтиёж қолдирмайди.

Туркия

Туркия 2027 йилда миллий рақамли ҳамён прототипини яратишни режалаштирмоқда.

Ушбу ҳамёнда дастлаб фуқароларнинг асосий шахсий маълумотлари ва дипломлари электрон шаклда сақланади. Лойиҳа синов тариқасида аввал давлат хизматчилари ва маълум бир олий таълим муассасасида синаб кўрилади.

Жараёнга Киберхавфсизлик дирекцияси ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарлик қилмоқда. Айни пайтда мамлакатнинг «e-Devlet» ягона портали орқали 1 130 та давлат идорасининг 9 436 та хизматидан фойдаланиш имконияти мавжуд.

Арманистон

Арманистонда биометрик паспорт ва ID-карталарни беришнинг янги тизими 1 ноябрдан ишга тушди.

Энди фуқаролар онлайн рўйхатдан ўтиб, тўловни амалга оширадилар, Ички ишлар вазирлиги эса маълумотларни Аҳоли давлат реестри орқали текширади. Ариза маъқуллангандан сўнг, фуқаролар бармоқ изи ва суратга тушиш учун хизмат кўрсатиш марказларига мурожаат қиладилар.

Янги ҳужжатлар Европа Иттифоқи стандартларига тўлиқ мос келади.

Яқин Шарқ

Рақамли хавфсизлик хизматларини кўрсатувчи «eMudhra» компанияси Яқин Шарқ ва Африкадаги мижозлари глобал тизимда юз берган киберҳодисадан жабр кўрмаганини маълум қилди.

Маълум бўлишича, хавфсизлик тизимидаги узилиш фойдаланувчиларга тўғридан-тўғри ҳужжат бермайдиган 8 та ёрдамчи тармоқда кузатилган. Тергов натижаларига кўра, мижозларнинг ҳеч қандай шахсий маълумотлари ёки техник базаси зарар кўрмаган. Компания хавфсизликни янада кучайтириш мақсадида мижозларига қўшимча вариант сифатида «Sectigo» ташкилотининг рақамли ҳимоя сертификатларини таклиф қилмоқда.

Ҳозирда ҳодиса юзасидан текширувлар давом этмоқда ва ички назорат тизими қайта кўриб чиқиляпти.

Глобал ҳамкорлик

«Telesign» ва «Microsoft» ҳамкорликда янги хавфсизлик ечимини тақдим этди.

Эндиликда ташкилотлар «Microsoft» тизимларида одатий SMS-пароллар ва овозли тасдиқлаш хизматларидан фойдаланишда давом этишлари мумкин. Бу имконият «Microsoft» хавфсизликнинг янги стандартига (passkeys) ўтаётгани сабабли жорий этилди.

Эски усулни сақлаб қолмоқчи бўлган компаниялар 2027 йилнинг 1 февралига қадар тегишли созламаларни амалга оширишлари керак. Хизмат «Azure» булутли тизими орқали осонгина бошқарилади ва тўланади.

2604 просмотров
Дата изменения:2026-11-24 18:08