Польшанинг Asseco International компанияси билан рақамли трансформация ва АТ-лойиҳалар бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-07-14 19:45

Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос Польша Республикасининг Ўзбекистондаги Муваққат ишлар вакили Мариан Пшеждетский ҳамда Asseco International компанияси вице-президенти Пшемислав Сенчковский билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Польша ўртасида рақамли трансформация, электрон ҳукумат, молиявий технологиялар, сунъий интеллект, маълумотларни қайта ишлаш марказлари (Data Center) ҳамда йирик давлат ва корпоратив АТ-лойиҳаларини амалга ошириш йўналишларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Дастлаб меҳмонларга мамлакатда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, АТ хизматлари экспорти ҳажмининг изчил ўсиши, IT Park Uzbekistan резидентлари учун яратилган қулай шароитлар, хорижий компанияларни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда рақамли инфратузилмани ривожлантириш борасидаги йирик инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Қорақалпоғистон Республикасида Data Center ва сунъий интеллект лойиҳалари учун яратилган махсус имтиёзлар, Президент ташаббуси билан ташкил этилаётган сунъий интеллект лабораториялари ҳамда юқори малакали АТ мутахассисларини тайёрлаш тизими тақдим этилди.

Томонлар Asseco International компаниясининг давлат бошқаруви, банк-молия, соғлиқни сақлаш ва бошқа тармоқлар учун ишлаб чиқаётган замонавий ечимларини Ўзбекистонда жорий этиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ҳамда тажриба алмашиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашув якунида томонлар истиқболли йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистонда компания фаолиятини йўлга қўйиш имкониятларини ўрганиш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш юзасидан мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.

Шунингдек, делегация UZINFOCOM фаолияти ҳамда рақамли ҳукумат инфратузилмаси, давлат ахборот тизимлари, маълумотларни қайта ишлаш марказлари, булутли технологиялар, киберхавфсизлик ва сунъий интеллект йўналишларида амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишди.

546 просмотров
Дата изменения:2026-07-24 18:00