«Бразилия калкулятори»: Лотин Америкасидаги энг йирик мамлакатнинг рақамли сабоқлари
2026-10-29 12:00

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) ҳисоботида Лотин Америкасининг энг йирик мамлакати бўлмиш Бразилиянинг рақамлаштириш тажрибаси таҳлил қилинди.

Экспертлар мамлакатнинг рақамли бошқарувдаги ютуқларини эътироф этиш билан бирга, маълумотлар шаффофлиги ва сунъий интеллектни (СИ) жорий этишдаги эътирозли жиҳатларни ҳам кўрсатиб ўтишган.

Эътироф

ИҲТТнинг Рақамли ҳукумат индексида (DGI) Бразилия 1 баллик тизимда 0,79 балл тўплаб, ташкилотга аъзо давлатларнинг ўртача кўрсаткичидан анча юқори натижа қайд этди. Айниқса, фойдаланувчи манфаатлари устуворлиги ва хизматларни олдиндан англаган ҳолда таклиф этиш (проактивлик) йўналишларида кўрсаткичлар юқори. Бироқ экспертлар ушбу индексни аҳолининг қаноатланиш даражасини бевосита ифодаловчи мезон деб ҳисобламасликни тавсия қилишмоқда. Бу, энг аввало, рақамли бошқарув учун яратилган сиёсий муҳит ва амалий механизмларнинг сифатини ифодаловчи кўрсаткич.

Бразилия моделининг бош устунлиги — давлат идораларининг ахборот тизимларини ўзаро жипслаштира олганида. Мамлакатда ишга туширилган Conecta GOV.BR платформаси давлат базалари ўртасида маълумотларнинг автоматик ва хавфсиз алмашинувини таъминлайди. Бундай ёндашув турли ташкилотларнинг бир хил маълумотни қайта-қайта йиғишига чек қўяди, иш жараёнини тезлаштиради ва бюджет маблағларини тежайди. Агар фуқаронинг шахсига доир, оилавий шароити ёки бошқа зарур маълумотлари аллақачон қайсидир давлат органининг базасида мавжуд бўлса, уларнинг бошқа идора томонидан қайта талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

Рақамли лойиҳаларга тикилаётган сармоя ўзини оқлаяптими, деган саволга Бразилия раҳбарияти аниқ математик ҳисоб-китоблар билан жавоб бераётгани алоҳида эътирофга лойиқ. Масалан, тизимдаги «тежалган маблағ калкулятори» хизмат электрон шаклга ўтказилишидан олдин ва кейин давлат ҳамда фуқаро учун қанча харажат талаб этилаётганини таққослаб, эришилган соф иқтисодий фойдани ҳисоблайди. Бу лойиҳа анча муваффақиятли чиқди: ундан фойдаланиб ҳар бир фуқаро ўз вақти ва йўл харажати қанчалик тежалганини кўра олса, давлат идораси ўз зиммасидаги иш ҳажми қай даражада енгиллашганини баҳолайди. Ушбу шаффофлик бюджет маблағларини янги рақамли лойиҳаларга йўналтиришда энг тўғри қарорларни қабул қилиш имконини бермоқда.

 Эътироз

Албатта, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, очиқ маълумотлар индексида Бразилия яхши натижа кўрсатган бўлса-да, давлат томонидан ушбу маълумотлардан қайта фойдаланишни рағбатлантириш даражаси анча паст. Миллий маълумотлар каталоги яратилган, аммо уларнинг сифатини таъминлашнинг умумий қоидалари ҳали тўлиқ шаклланмаган. Идоралардаги маълумотлар базасини аудит қилиш ишлари суст, ахборотни бошқаришга масъул ходимларнинг ваколатлари эса аниқ белгиланмаган.

Сунъий интеллект соҳасида ҳам технологик шиддат назорат механизмидан, яъни инсондан ўзиб кетмоқда. ИҲТТ таҳлили кўрсатишича, давлат секторида қарор қабул қилишда қўлланиладиган СИ воситаларининг алгоритмлари жамоатчилик учун ёпиқ ва улар устидан назорат қилиш имкониятлари чекланган. Сунъий интеллект ижтимоий ёрдам бериш, аризаларни саралаш ёки хизматларни тезлаштиришда жуда қўл келади, бироқ тизим хато қилса, бунга ким жавоб бериши ва фуқаро ушбу автоматик қарор устидан қай тартибда шикоят қила олиши қонунан аниқ белгиланиши шарт.

Хулосалар

Бразилия модели рақамлаштириш соҳасидаги бир нечта муҳим қоидаларни кун тартибига чиқаради:

Биринчидан, «маълумот фақат бир марта сўралади» тамойилини қатъий жорий этиш ва фуқаро давлат тизимларида мавжуд ҳужжатни қоғоз шаклида кўтариб юришига бутунлай чек қўйиш керак.

Иккинчидан, фақат фойдаланувчилар ва хизматлар сонини кўпайтириш эмас, балки «рақамли калкуляторлар»ни ҳам лойиҳалар муваффақияти ўлчови сифатида ҳаётга татбиқ этиш лозим. Аҳоли ва бюджет қанча вақт ҳамда маблағ тежагани аниқ рақамларда акс этиши шарт. Халқаро экспертлар айнан шу жиҳати учун ҳам Бразилиядаги рақамлаштириш ислоҳотларини юқори баҳолашди.

Бундан ташқари, очиқ маълумотлар шунчаки сайтда қуруқ туриши эмас, балки доимий янгиланиши ва уларнинг бизнес учун амалий қийматга эга бўлишини таъминлайдиган Миллий фреймворк зарур. Муҳим хулосалардан яна бири — давлат бошқарувига сунъий интеллект шитоб билан кириб келар экан, фуқароларнинг ҳуқуқларини ва уларнинг шахсий маълумотлари хавфсизлигини ҳимоя қилиш ҳамда алгоритмлар хатоси учун жавобгарлик механизмларини олдиндан қонуний мустаҳкамлаш лозим бўлади.

3015 просмотров
Дата изменения:2026-11-24 17:19