MyGDX платформаси Малайзия рақамли ҳукуматини қандай ўзгартирмоқда
2026-08-10 00:00

MyGDX платформаси Малайзия давлат идоралари ўртасида хавфсиз маълумот алмашишни таъминлаб, рақамли хизматлар самарадорлигини оширмоқда. Платформа раҳбари Азнул Низом бин Носир GovInsider нашрига тизимнинг ишлаш тамойиллари, бошқарувдаги ўрни ва келгуси режалари ҳақида сўзлаб берди.

Бир миллион сўровни қайта ишловчи «кўринмас» тизим

Малайзияда университетларга қабул пайтида давлат тизимларига юклама кескин ошади. Шундай вазиятда MyGDX платформаси соатига миллиондан ортиқ сўровни муваффақиятли қайта ишлайди.

Жараён фойдаланувчига сезилмайди. Тизим фон режимида ишлаб, UPU Online портали орқали ариза топширган абитуриентларнинг имтиҳон натижаларини реал вақтда текшириш имконини беради.

Аслида MyGDXнинг асосий вазифаси ҳам шу — платформа давлат идоралари ўртасида маълумотларни хавфсиз ва узлуксиз алмашишни таъминлаб, рақамли давлат хизматларининг ортидаги асосий инфратузилма вазифасини бажаради.

Энг муҳими, маълумотлар ягона марказга кўчирилмайди. Ҳар бир давлат идораси ўз маълумотлари устидан эгалик ҳуқуқини сақлаб қолади, MyGDX эса уларнинг хавфсиз интеграциясини таъминлайди. Бу давлат хизматларини турли тизимлар орқали эмас, ягона рақамли муҳитда кўрсатиш имконини яратади.

Бу ёндашув аввалги амалиётдан тубдан фарқ қилади. Илгари ҳар бир давлат идораси маълумот алмашиш учун ўз API интерфейслари ва техник ечимларини мустақил ишлаб чиқар, улар эса турли стандартлар ва бошқарув қоидалари асосида фаолият юритарди. Бу эса тизимлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни қийинлаштирар эди.

Ҳозиргача MyGDXдан 184 миллион маротаба фойдаланилган. Платформа ушбу натижалари учун 2026 йилги Innovation Awards танловида «Рақамли ҳукумат» йўналиши бўйича махсус мукофот билан тақдирланди.

Фуқаро маълумотни фақат бир марта тақдим этади

MyGDX концепцияси «Бир марта тақдим этиш» (Once-Only Principle) тамойилига асосланган. Яъни фуқаро ёки тадбиркор давлат органларига бир хил маълумотни қайта-қайта тақдим этиши шарт эмас. Агар маълумот давлатнинг бошқа ахборот тизимида мавжуд бўлса, ваколатли идора уни MyGDX орқали автоматик тарзда олади.

Бу ёндашув давлат хизматларини кўрсатишда ҳам ўз самарасини беряпти. Масалан, MyGov Malaysia мобил иловаси ва MyGovernment портали орқали тақдим этиладиган хизматлар ортида айнан MyGDXнинг маълумот алмашиш механизми ишлайди.

Айни пайтда MyGov мобил иловаси MyGDX орқали 41 та API (Application Programming Interface —икки дастур ёки ахборот тизимининг бир-бири билан стандартлашган тарзда маълумот алмашиши учун хизмат қиладиган интерфейс) билан интеграция қилинган. Бу эса платформа комплекс рақамли давлат хизматларининг муҳим таркибий қисмига айланганини кўрсатади.

Ягона тизимни қуришнинг энг қийин жиҳати

Рақамли давлат қуриш учун ягона платформа яратишнинг ўзи етарли эмас. Энг катта муаммо — турли давлат идораларида йиллар давомида шаклланган, бир-бирига мос келмайдиган ахборот тизимларини ўзаро «гаплаштира олиш».

Малайзия ҳам худди шу муаммога дуч келган. Турли вазирлик ва идоралар турли йилларда, ҳар хил пудратчилар иштирокида ишлаб чиқилган дастурлардан фойдаланар, маълумот алмашиш учун эса ҳар бири ўз API ва техник ечимларини қўлларди. Бу эса маълумотлар айланмасини секинлаштириб, ягона рақамли хизматларни йўлга қўйишни қийинлаштирар эди.

MyGDX худди шу муаммони ҳал қилиш учун ишлаб чиқилган. Платформа давлат идораларидан мавжуд ахборот тизимларини алмаштиришни талаб қилмайди. Аксинча, уларни сақлаб қолган ҳолда ўзаро хавфсиз маълумот алмашиш имконини яратади.

Бунинг учун ҳар бир иштирокчи идорага API-коннектор ва хавфсизлик сервери ўрнатилади. Шу орқали идоралар ўз маълумотларини бошқа давлат органлари билан бўлишиши ёки улардан фойдаланиши мумкин, бироқ ички ахборот тизимлари ўзгаришсиз қолади.

Платформа турли техник муҳитлар билан ишлашга мослашган. У давлатнинг MyGovCloud булутли инфратузилмаси, идораларнинг ўз маълумотларни қайта ишлаш марказлари ҳамда хусусий булутли ечимлар билан бирдек ишлай олади. Бу эса рақамли трансформацияни босқичма-босқич амалга ошириш имконини берган.

Барча идоралар бир «тил»да гаплашиши керак

Турли тизимларни ўзаро боғлашнинг ўзи муаммони ҳал қилмайди. Агар бир идорадаги маълумот иккинчисида бошқача талқин қилинса, интеграция кутилган самарани бермайди.

Шу боис MyGDX давлат сектори учун ягона Маълумотлар луғати (DDSA — Data Dictionary for the Public Sector)ни жорий этган. Унда маълумотлар бир хил атамалар, таърифлар ва форматлар асосида тавсифланади. Бу эса турли идоралардаги маълумотларни бир хил мазмунда талқин қилиш имконини беради.

Тизимнинг ишлаши MyGDX Governing Authority (GA) томонидан мувофиқлаштирилади. У реестр, хизматлар каталоги, ишонч хизмати ва мониторинг тизимини бошқариш билан бирга, платформага уланган барча давлат идоралари учун умумий техник стандартлар ва ишлаш қоидаларини белгилайди.

Айни пайтда платформа 400 дан ортиқ фаол АПИни қўллаб-қувватлайди. Махсус мониторинг тизими уларнинг узлуксиз ишлаши, тезкорлиги ва ахборот хавфсизлигини доимий назорат қилиб боради.

Ишончсиз интеграция бўлмайди

MyGDX платформасига уланиш бир неча босқичда амалга оширилади. Даставвал давлат идораси расмий ариза топширади. Кейин мутахассислар унинг техник тайёрлиги, маълумотларни бошқариш жараёнлари ва ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини баҳолайди.

Шундан кейин техник интеграция бошланади: рақамли сертификатлар расмийлаштирилади, MyGDX компонентлари ўрнатилади, АПИлар ишлаб чиқилади ва синовдан ўтказилгач, фойдаланишга топширилади.

Платформада маълумотлар Point-to-Point (P2P) модели асосида алмашилади. Бу дегани, маълумотлар очиқ муҳитга чиқмайди ва фақат маълумотни тақдим этувчи ҳамда уни олиш ҳуқуқига эга бўлган идоралар ўртасида узатилади.

Бу жараён очиқ калитлар инфратузилмаси (Public Key Infrastructure — PKI) орқали ҳимоя қилинади. Рақамли сертификатлар иштирокчиларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлайди, маълумотлар эса бошидан охиригача шифрланган ҳолда узатилади ва рақамли имзо билан ҳимоя қилинади.

Маълумотлар — алоҳида идоранинг эмас, давлатнинг бойлиги

MyGDXнинг келгуси ривожланиш босқичи алоҳида платформа яратишдан кўра кенгроқ мақсадни кўзлайди. Бу — мамлакат миқёсида ягона маълумотлар экотизимини шакллантиришдир.

Унинг асосида миллий маълумотлар омбори концепцияси ётади. Бироқ бу маълумотларни бир марказга жамлаш дегани эмас. Аксинча, ҳар бир давлат идораси ўз маълумотларини аввалгидек ўзида сақлашда давом этади. Фарқи шундаки, улар ҳақидаги маълумотлар ягона каталог орқали бошқарилади ва қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа ваколатли давлат органлари учун ҳам фойдаланишга очиқ бўлади.

Бу ёндашув маълумотларни жисмонан марказлаштирмайди. Лекин давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган ҳолатларда уларни ягона тизим сифатида ишлатиш имконини яратади.

Бунинг ортида эса яна бир муҳим ғоя бор: рақамли давлат қуриш учун технологиянинг ўзи етарли эмас. Давлат идораларининг маълумотларга муносабати ҳам ўзгариши керак.

Кўп йиллар давомида маълумотлар муайян идоранинг ички ресурси сифатида қабул қилиниб келган. Ҳар бир ташкилот уларни асосан ўз эҳтиёжлари учун йиғар, сақлар ва бошқарарди. MyGDX эса бошқача ёндашувни таклиф қилмоқда. Маълумотлар бир идорага тегишли бўлиши мумкин, аммо улардан келадиган қиймат бутун давлат тизими учун хизмат қилиши лозим.

Шунинг учун ҳам маълумотлар алмашиш масаласидаги асосий тўсиқ технология эмас, балки ишончга боғлиқ муаммо бўлиб қолмоқда. Агар давлат идоралари маълумотлар қонуний асосда, аниқ қоидалар бўйича ва хавфсиз муҳитда алмашилаётганига ишонса, улар бу жараёнда фаол иштирок этади.

«Маълумотлар ўртасидаги тўсиқларни бартараф этиш учун технологиянинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун давлат сиёсати, бошқарув тизими, техник архитектура ва ташкилотлар маданияти ўзаро уйғун ишлаши керак», — дейди Азнул.

Унинг айтишича, 2025 йилда имзоланган «Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун шу ишончни мустаҳкамлашга қаратилган. Қонун давлат идораларининг ваколатларини аниқ белгилайди, масъулиятни кучайтиради ва маълумотлар алмашинувини ягона ҳуқуқий асосга солади.

Кейинги босқич

Ҳозирги кунда MyGDX платформасига Малайзиянинг 13 та штатидан 6 таси уланган. Яна икки штат интеграция жараёнини якунламоқда.

Келгуси босқичда давлат идоралари сонини босқичма-босқич кўпайтириш, мавжуд интеграцияларни уйғунлаштириш ва маълумотлар алмашиш имкониятларини янада кенгайтириш режалаштирилган.

Мақсад MyGDXни мамлакатнинг ишончли миллий маълумот алмашиш платформасига айлантиришдир. Бу давлат идоралари ишини тезлаштириш баробарида, уларни фуқаролар учун соддароқ, тезроқ ва қулай тақдим этиш имконини беради.

Манба: egov.uz

38 просмотров
Дата изменения:2026-10-23 09:52