"Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори (ПҚ-265-сон, 15.07.2026-й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026-йил 1-октябрдан Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (Ягона портал) қуйидаги хизматлар жорий этилади:
жисмоний ва юридик шахсларга ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари ва автомототранспортларни гаровга ёки ипотекага қўйишга, шунингдек, уларни бегоналаштиришга тақиқ қўйиш ёки уни бекор қилиш;
фуқароларнинг ўз номига расмийлаштирилган ва фойдаланилаётган телефон рақамлари ва банк карталари тўғрисида маълумот олиш ва ушбу жараённи бошқаришнинг қуйидаги имкониятларини яратиш:
▪️ телефон рақамини муайян муддатга нофаол ҳолатга ўтказиш (фаоллаштириш) ва ўзи фойдаланмаётган телефон рақамларига хизмат кўрсатишни тўхтатиш ҳақида аризалар киритиш;
▪️ телефон рақами уланган пулли хизматлар ҳақида маълумот олиш;
▪️ банк карталарини блоклаш (ёпиш) ҳақида эмитентга аризалар юбориш;
▪️ фуқаронинг номига янги нотариал ҳаракат расмийлаштирилганда автоматик тарзда уни Ягона портал орқали хабардор қилиш ва улар ҳисобини юритиш.
Манба: egov.uz