Ўзбекистонда GameDev ва анимация экотизимини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
2026-07-04 23:30

Тошкент шаҳрида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Uzbekistan Creative Association (UZCA) ҳамкорлигида GameDev ва анимация экотизимини ривожлантиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир IT Park Uzbekistan ва «Мирзо Улуғбек ворислари» ўқув курслари иштирокида ташкил этилди.

Давра суҳбатида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, шунингдек, GameDev, анимация, VFX ва дизайн йўналишларида фаолият юритаётган студиялар, IT компаниялари, таълим муассасалари ҳамда креатив индустрия вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбати давомида Ўзбекистонда GameDev ва анимация соҳаларининг бугунги ҳолати ҳамда истиқболлари, мавжуд муаммолар ва уларнинг амалий ечимлари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, малакали кадрлар тайёрлаш, студияларни қўллаб-қувватлаш, халқаро бозорларга чиқиш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Вазир ўз сўзида истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда GameDev ва анимация йўналишларини иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларидан бирига айлантириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, мазкур йўналишларда халқаро тажрибани жорий этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва замонавий экотизимни шакллантириш бўйича изчил ишлар давом эттирилишини қайд этди.

Тадбир давомида иштирокчилар ўз тажрибалари ва таклифлари билан ўртоқлашиб, соҳани ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурдилар.

Якунда билдирилган таклиф ва тавсиялар Ўзбекистонда GameDev, анимация, VFX ва дизайн йўналишларини тизимли ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янги стратегик ташаббусларни ишлаб чиқишда муҳим асос бўлиши таъкидланди.

211 просмотров
Дата изменения:2026-07-24 17:51