Ўмон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Лойиҳалар ва тендерлар бошқармаси ҳамкорликда «Amanah» рақамли платформасида янги электрон хизматни ишга туширди.
Бунинг натижасида султонлик шифохоналари учун кардиожарроҳлик воситалари ва тиббий жиҳозларни сотиб олиш муддати рекорд даражада — 24–48 соатгача қисқарди.
Хабарга кўра, илгари мамлакат шифокорлари ва юрак марказлари, анъанавий бюрократик жараёнлар ва узоқ давом этадиган тендерлар сабабли, зарур тиббий ускуналарни олиш учун 45 кундан 120 кунгача кутишга мажбур эди. Янги рақамли тизим ҳар бир сўров учун қайтадан тендер эълон қилмасдан, аввалдан келишилган нарх ва шартларда маҳсулотларни тўғридан-тўғри етказиб бериш имконини яратди.
Лойиҳанинг биринчи босқичида Султонлик шифохонаси ҳузуридаги Миллий юрак маркази 23 та маҳаллий ҳамкор компания орқали юрак жарроҳлиги учун энг зарур бўлган 229 турдаги махсус тиббий маҳсулотни узлуксиз олишни бошлади.
Миллий юрак маркази расмийларининг таъкидлашича, мазкур технология шифохоналарни зарур воситалар билан ўз вақтида таъминлаш орқали оғир аҳволдаги беморларни даволаш ва жарроҳлик амалиётлари сифатини сезиларли даражада яхшилайди. Шунингдек, қуйи бўғинлардаги харид тизимини тўлиқ рақамлаштириш ҳисобига бюджет маблағларини тежаш ва коррупция хавфини бартараф этиш кўзда тутилган.
Манба: egov.uz