Тизимнинг вазифаси:
«ЕГРИС» АТнинг вазифаси таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар операторлари ва ўйинчилар ўртасидаги молиявий операцияларни ҳисобга олиш ва амалга ошириш, шунингдек ставкаларни амалга оширишда фойдаланувчилар учун хавфсиз ва қулай шарт-шароитларни таъминлашдан иборат.
Асос:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги «Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-68-сон Фармони;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги ПФ-68-сон “Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 814-сон қарори.
«ЕГРИС» ахборот тизими таваккалчиликка асосланган онлайн ўйин фаолиятининг барча иштирокчилари, уларнинг ставкалари ва ютуқлари, шунингдек бундай хизматларни кўрсатувчи лицензияланган компаниялар тўғрисидаги маълумотларни қайд этиш имконини беради.
«ЕГРИС» ахборот тизимини яратишдан мақсад таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар операторлари ва ўйинчилар ўртасидаги молиявий операцияларни назорат қилиш ва амалга ошириш учун ишончли ва хавфсиз ахборот тизимини яратиш, шунингдек қонунчиликнинг барча талабларига мувофиқликни таъминлашдан иборат.
«ЕГРИС» АТ вазифалари:
• интерактив ставкалар билан боғлиқ барча молиявий операцияларни ҳисобга олишнинг шаффофлиги ва аниқлигини таъминлаш;
• таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар соҳасидаги молиявий операцияларни тартибга солувчи барча норматив талабларга риоя этилишини таъминлаш;
• эскроу ҳисобварағидан фойдаланган ҳолда ставкалар учун пул маблағларини ўтказишнинг қулай ва хавфсиз усулини таъминлаш;
• фойдаланувчиларга ягона тўлов интерфейси орқали электрон балансларни тўлдириш ва ютуқларни ечиб олиш имкониятини тақдим этиш;
• фойдаланувчиларни рўйхатдан ўтказиш ва идентификация қилишнинг қулай ва тезкор жараёнини таъминлаш;
• фойдаланувчилар маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш учун ишончли идентификация усулларидан фойдаланиш;
• фойдаланувчиларга операциялар тарихи билан танишиш имкониятини тақдим этиш;
• ўйинчиларга ўз ставкаларини назорат қилиш ва чекловлар ўрнатиш имконини берувчи механизмларни жорий этиш;
• хавфларни камайтириш ва таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинларига қарамликнинг олдини олиш мақсадида таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинларига масъулиятли ёндашувни қўллаб-қувватлаш;
• Регулятор томонидан белгиланиши мумкин бўлган лимитларни жорий этиш;
• барча қонуний қимор ўйинлари операторлари тизимлари билан интеграция қилиш учун ягона платформани таъминлаш;
• ўйинчилар ва таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар операторлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик жараёнини соддалаштириш;
• фойдаланувчилар маълумотларини ҳимоя қилиш ва рухсатсиз киришнинг олдини олиш.