TOMCHI мобил иловаси – Сув тежовчи технологиялар соҳасида тўлиқ расмий маълумот берувчи ягона платформа ҳисобланади. Жисмоний ва юридик шахсларга мўлжалланган ушбу илова хизматлари Ягона порталга ҳам интеграция қилинган. Илова ёрдамида уйдан чиқмасдан сув тежаш технологиялари бўйича барча маълумотларга эга бўлиш, калькулятор, субсидия ҳисоблаш, корхоналар базаси ва бошқа хизматларидан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун чўнтак иловаси бўлиши кифоя.
Масалан, маълум бир ер майдонига қандай экин экиш, майдон юзаси қисмини танлаш орқали ўша майдонга қандай турдаги сув тежовчи технология жалб этилади, уларнинг бирламчи суммаси ва давлат томонидан ажратилиши кутилаётган субсидия миқдори автоматик шаклда аниқлаб берилади. Бундан ташқари соҳа юзасидан керакли видеолавҳалар, мақолалар, китоблар, янгиликлар, анимацион расмлар, республикада фаолият юритаётган маҳаллий ва хорижий корхоналар маълумотлари, уларнинг маҳсулотлари турлари, расмлари, параметрлари, маҳсулот нархлари, охирги бажарган ишлари ва бошқа маълумотлар билан танишиш имкони ҳам бор.
Мазкур илова биринчи навбатда Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқаришда сувдан оқилона фойдаланиш, уни тежаш, имкон қадар асраб-авайлаш, ақлли суғориш орқали барқарорлик ва маҳсулдорликни оширишга қаратилган.
Шунингдек, сув ресурсларидан самарали фойдаланишда давлат идораларидан тортиб фермерларгача бўлган барча манфаатдор томонлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, TOMCHI онгли қарорлар қабул қилиш учун реал вақт режимида сув тежовчи технологияларни жорий қилувчи корхоналар билан боғлиқ маълумотларга осон киришни таъминлайди ва фермерларга барқарор суғориш амалиёти бўйича тушунчалар беради.
«Tomchi» мобил иловаси суғоришда тежамкорлик усуллари ҳақидаги ахборотларга тезкорлик билан эга бўлиш, уларнинг афзалликларини тушунтириш ҳамда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишнинг тахминий баҳосини ҳисоблаш имконини беради.