Норматив-ҳуқуқий ҳужжат номи:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-99-сон фармони
Норматив-ҳуқуқий асос рақами:
ПФ-99-сон фармон, 26.05.2026 йил
Тизимнинг вазифаси ва мақсадли аудиторияси:
«Сув-ер-ижара» ахборот тизими сув фонди ерларини ижарага бериш, улардан фойдаланиш ва ижара ҳолатини мониторинг қилиш жараёнларини ягона электрон платформа орқали бошқаришга мўлжалланган. Тизим Вазирликнинг Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази томонидан яратилади.
Тизим ер участкаларини ижарага бериш бўйича таклифларни қабул қилиш, ҳужжатларни шакллантириш ва ваколатли органлар билан электрон келишиш, бўш ер участкалари тўғрисидаги маълумотларни очиқ тақдим этиш, электрон танловларни ташкил этиш ҳамда ижара ҳужжатларини электрон расмийлаштириш имконини беради.
Тизимнинг асосий фойдаланувчилари — жисмоний ва юридик шахслар, деҳқон хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари.
Тизимни жорий этиш орқали инсон омили ва бюрократик жараёнлар камайтирилади, шаффофлик ва очиқлик таъминланади, маълумотлар марказлаштирилади ҳамда ерларни ижарага бериш ва мониторинг қилиш самарадорлиги оширилади. Тизим имкониятлари келгусида босқичма-босқич кенгайтирилади.
Асосий мақсад ва вазифалар:
«Сув-ер-ижара» ахборот тизимини яратишдан асосий мақсад сув фонди ерларини ижарага бериш, фойдаланиш ва мониторинг қилиш жараёнларини ягона электрон платформа орқали бошқариш, инсон омилини камайтириш, шаффофликни таъминлаш ҳамда давлат органлари фаолияти самарадорлигини оширишдан иборат. Тизимни яратишдан кўзланган асосий мақсадлар:
Ер участкаларини ижарага бериш жараёнларида шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларда бюрократия ва коррупция ҳолатлари олдини олиш;
Ер участкаларини ижарага бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишишни автоматлаштириш – 100%;
Деҳқон хўжалиги ва тижорат мақсадлари учун ер участкаларини ижарага бериш механизмларини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлардаги бюрократик тартиб-таомиллар ва тўсиқларни қисқартириш – 80%;
Ваколатли органлар фаолиятида ер участкаларини ижарага бериш бўйича материалларни кўриб чиқиш ва келишишда ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан тўлиқ ҳажмда фойдаланишни таъминлаш – 100%;
Марказлашган маълумотлар базасини яратиш ҳамда маълумотларни тўплаш жараёнида иш кучи ва вақт ресурслари сарфини 70% га тежаш;
Ижара ҳолати мониторинги ишларини юритиш билан шуғулланувчи ишчи кучи, алоқа, транспорт, қоғоз ва бошқа турдаги сарф-харажатларни 80% га тежалишига эришиш;
Турли шакллардаги ҳужжатлар ва ҳисоботларни тайёрлаш, топшириш ва сақлашдаги оворагарчиликларни 95% га камайтириш.