Рақамли маконда хавфсиз ҳаёт: кибермаданиятни ошириш вақти келди!
2026-11-10 13:00

Бугун интернетдан фойдаланиш, онлайн тўловларни амалга ошириш ва давлат хизматларини масофадан олиш кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Аммо рақамли имкониятлар билан бирга интернет-фирибгарлик, шахсий маълумотларнинг ўғирланиши ва бошқа киберхавфлар ҳам ортиб бормоқда.

Шу сабабли ноябрь ойи мамлакатимиз бўйлаб “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” деб эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 30-апрелдаги ПҚ–153-сон қарори ижроси доирасида ўтказилаётган ойликдан кўзланган асосий мақсад — аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш, кибергигиена кўникмаларини шакллантириш ва интернетдан хавфсиз фойдаланиш маданиятини ривожлантиришдир.

Киберхавфсизликка бефарқ бўлманг!

Маълумотларга кўра, дунёдаги киберҳужумларнинг 90 фоиздан ортиғи инсон омили билан боғлиқ. Бу шуни англатадики, оддий эҳтиётсизлик — шубҳали ҳаволани босиш, номаълум шахсларга СМС-кодни айтиш ёки ишончсиз манбаларга шахсий маълумотларни киритиш ҳам жиддий хавф туғдириши мумкин.

Билимингизни оширинг ва сертификатга эга бўлинг!

Ойлик доирасида Киберхавфсизлик маркази томонидан фуқаролар ва мутахассислар учун махсус ўқув курси ташкил этилган.

Курс давомида киберхавфсизлик, интернетдаги таҳдидлардан ҳимояланиш, шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш ва кибергигиенага оид билимларингизни оширишингиз мумкин.

Курсни муваффақиятли якунлаб, тест синовларидан ўтган иштирокчиларга махсус сертификат тақдим этилади.

Курсда иштирок этиш учун ҳавола: https://security.cyberbilim.uz/

Ёдда тутинг:

  • Номаълум ҳаволаларни очманг.

  • СМС орқали келган тасдиқлаш кодларини ҳеч кимга берманг.

  • Ҳар бир аккаунт учун мураккаб ва алоҳида парол яратинг.

  • Икки босқичли ҳимояни ёқинг.

  • Шахсий маълумотларингизни бегона шахсларга юборманг.

Рақамли дунёда хавфсизлик, аввало, ўзимизнинг билимимиз ва ҳушёрлигимиздан бошланади.

Огоҳ бўлинг, билимли бўлинг ва рақамли маконда хавфсиз яшанг!

3033 просмотров
Дата изменения:2026-11-25 14:42