“Эконазорат” электрон тизими Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрда имзоланган “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ишга туширилди.
Энди ушбу электрон тизим орқали экологик ҳуқуқбузарликларни тасдиқловчи фото ва видео далилларни юборган шахслар ҳуқуқбузарлардан ундирилган жариманинг ўн беш фоизини олади.
Муваффақиятли рўйхатдан ўтгандан сўнг шахсий аккаунтга киришингиз ва рағбатлантириш усулини танлашингиз мумкин. Мазкур тизимда сиз юборган ҳуқуқбузарлик ҳолати қайси босқичда ўрганилаётганини онлайн кўриш имконияти мавжуд.
Шунингдек, фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида мазкур илова Telegram учун ecogovuz_bot боти шаклида ҳам яратилган. Унга тўлиқ исмингиз ва телефон рақамингизни кўрсатган ҳолда рўйхатдан ўтиб, экологик ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар юборишингиз мумкин. Эслатиб ўтамиз, фото ва видео материалларни юборган шахслар тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмайди.