Кибернетика институтининг 60 йиллиги муносабати билан халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтмоқда
2026-04-15 14:00

Бугун, 15 апрель куни Тошкент шаҳридаги School 21 рақамли технологиялар мактабида «Кибернетика — замонавий сунъий интеллект пойдевори» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўз ишини бошлади. Тадбир 15–16 апрель кунлари бўлиб ўтади.

Мазкур конференция Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ҳамда School 21 ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон Фанлар академияси тизимидаги Кибернетика институти ташкил этилганининг 60 йиллигига бағишланди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов очиб бериб, кибернетика ва сунъий интеллект бугунги рақамли трансформациянинг асосий драйверларидан бири эканини таъкидлади.

Шунингдек, анжуманнинг очилиш маросимида академик Мирзаян Камилов, Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти директори Анвархўжа Қодиров, ҳамда School 21 бош ижрочи директори Зарина Лухманова кириш ва қутлов сўзлари билан иштирок этдилар.

Анжуманда маҳаллий ва хорижий етакчи олимлар, тадқиқотчилар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари ҳамда талабалар иштирок этмоқда.

Анжуман доирасида сунъий интеллект, алгоритмлар, моделлаштириш, машинали ўқитиш, маълумотларни интеллектуал таҳлил қилиш каби йўналишлардаги долзарб илмий ишланмалар муҳокама қилинмоқда. Иштирокчилар томонидан илғор илмий ечимлар, инновацион лойиҳалар ва амалий ишланмалар тақдим этилди.

Дастурга мувофиқ, анжуман ялпи мажлислар, пленар сессиялар ҳамда 6 та шўъба йиғилиши шаклида ташкил этилган бўлиб, уларда алгоритмлаштириш ва бошқарув, моделлаштириш ва оптималлаштириш, маълумотларни интеллектуал таҳлил қилиш, нутқ ва тасвирларни қайта ишлаш, машинали ўқитиш ҳамда рақамли технологиялар йўналишлари қамраб олинган.

Шунингдек, анжуман халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш ҳамда қўшма инновацион лойиҳаларни йўлга қўйиш учун муҳим платформа вазифасини ўтамоқда.

523 просмотров
Дата изменения:2026-07-24 15:24