БААнинг e& (Etisalat And) компанияси билан телекоммуникация соҳасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-02-06 09:50

5 февраль куни Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Бирлашган Араб Амирликларининг e& (Etisalat And) (Emirates Telecommunications Group Company PJSC) компанияси делегацияси билан учрашув ўтказди. Мазкур компания дунёнинг 38 та давлатида фаолият юритиб, 189 миллион абонентга хизмат кўрсатади.

Учрашув давомида Марказий Осиё ва Яқин Шарқ минтақаларида телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, технологик ва инфратузилмавий интеграция имкониятлари муҳокама қилинди. Томонлар Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорлик маркази сифатидаги стратегик аҳамиятига алоҳида эътибор қаратдилар.

Музокаралар доирасида e& делегацияси компаниянинг жаҳон миқёсидаги фаолияти, халқаро бозорлардаги тажрибаси ҳамда телекоммуникация ва рақамли хизматлар соҳасидаги устувор йўналишлари ҳақида маълумот берди.

Вазир Шерзод Шерматов сўнгги йилларда Ўзбекистонда телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш, рақамли трансформацияни жадаллаштириш ва халқаро инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Ташриф доирасида делегация IT Park фаолияти, шунингдек, Ягона интегратор — UZINFOCOM томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. Давлат бошқаруви ва давлат хизматлари соҳасида рақамли ечимларни жорий этиш бўйича эришилган натижалар, шунингдек, Ўзбекистонни минтақавий ва халқаро IT-хабга айлантиришга қаратилган устувор вазифалар тақдим этилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, минтақавий рақамли боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

338 просмотров
Дата изменения:2026-07-21 15:39