Тошкентда тадбиркор аёллар учун ташкил этилган тренинг дастури муваффақиятли якунланди
2026-04-11 11:05

Жорий йилнинг 8–10 апрель кунлари Тошкент шаҳридаги IT Park мажмуасида «Аёллар учун АКТ имкониятлари ташаббуси» (Women ICT Frontier Initiative – WIFI DX) доирасида хотин-қиз тадбиркорларнинг имкониятларини рақамли трансформация орқали кенгайтиришга қаратилган «Тадбиркорлар учун тренинг» (Training of Entrepreneurs) дастури бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова сўзга чиқиб, хотин-қизларнинг IT соҳасидаги ўрни ва уларнинг иқтисодий ўсишдаги аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

«Бугунги кунда хотин-қизларнинг рақамли иқтисодиётдаги иштирокини таъминлаш нафақат ижтимоий тенглик масаласи, балки мамлакатимиз тараққиётининг муҳим драйверларидан биридир. Ушбу тренинг орқали олинган инновацион билимлар келгусида юзлаб аёлларимиз учун янги бизнес имкониятлари эшигини очади ҳамда ҳудудларда етакчи аёл-тренерлар қатламини шакллантиради», — деди вазир маслаҳатчиси.

Шунингдек, очилиш сессиясида «Women in Tech Uzbekistan» директори Анна Амброзевич ҳамда БМТнинг Осиё ва Тинч океани бўйича Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (UNESCAP) ҳузуридаги APCICT маркази директори Киёнг Ко иштирок этиб, дастурнинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.

БМТнинг Осиё ва Тинч океани бўйича Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (UNESCAP) ҳузуридаги APCICT маркази, «Women in Tech Uzbekistan» ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур дастур доирасида халқаро экспертлар Айрин Бой (Irene Boey) ва YS Koh томонидан қуйидаги йўналишларда амалий мастер-класслар ва ўқув машғулотлари ўтказилди:

  • Бизнес инновациялар ва рақамли трансформация — хотин-қизлар тадбиркорлигида рақамли трансформация асослари;
  • Рақамли маркетинг — SMM, электрон почта маркетинги, SEO, шунингдек, маркетингда сунъий интеллект ва автоматлаштириш технологияларидан фойдаланиш;
  • Маълумотлар таҳлили (Data Analytics) — бизнес қарорларини қабул қилиш учун тасвирий (descriptive), диагностик (diagnostic), башоратловчи (predictive) ва тавсиявий (prescriptive) таҳлил усуллари;
  • Электрон тижорат (E-Commerce) — онлайн-дўконни бошқариш, инвентаризациядан тортиб мижозларга хизмат кўрсатишгача бўлган жараёнлар;
  • Тадбиркорлар учун сунъий интеллект (AI for Entrepreneurs).

Ўзбекистонда рақамли ислоҳотлар жадал суръатларда амалга оширилаётган бир шароитда WIFI DX ташаббуси миллий рақамли стратегияни аҳоли учун амалий натижаларга айлантириш йўлида муҳим қадам бўлди.

Дастур якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди. Энди ушбу битирувчилар аҳолининг рақамли кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилувчи малакали тренерлар сифатида ўз фаолиятларини давом эттирадилар.

 
 
 
627 просмотров
Дата изменения:2026-07-23 17:29