Электрон ҳукумат доирасида маълумот тақдим этувчи ва фойдаланувчиларнинг электрон ҳамкорлиги ҳамда ахборот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ва ресурсларини Идоралараро интеграциялашув платформасига улаш орқали амалга оширилади.
Бунда электрон ҳамкорлик ва ахборот алмашинуви фақат Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали ташкил этилади.
Фойдаланувчи ва оператор ўртасидаги ахборот алмашинуви тегишли сўров юбориш йўли билан Идоралараро интеграциялашув платформаси ёрдамида амалга оширилади.
Идоралараро интеграциялашув платформасига уланган ахборот тизимлари ва ресурсларида мавжуд бўлган шахсга доир маълумотлар алмашинуви “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва ушбу соҳадаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали маълумотлар фойдаланувчининг ваколати доирасидаги вазифаларни бажариш учун қайта ишлаш мақсадида тақдим этилади.