Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги ПҚ-2761-сонли “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан фаолият юритувчи ҳуқуқий ахборот излаш тизими бўлиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни осон ҳамда қулай шаклда излаш ва улар билан танишиш имконини беради.
1. Тизимда барча турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа тусдаги ҳужжатларнинг электрон базасини яратиш ҳамда расмий манбалардан фойдаланган ҳолда ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни жойлаштириш ҳамда элементлари бўйича юридик таҳлил қилиш технологиясини қўллаш;
2. Қонунчилик тармоқлари умумҳуқуқий классификатори, қонунчилик мавзули маълумотномаси, альфавит-предметли кўрсатгичлар ҳамда тушунча ва терминлар маълумотномаси асосида тизимда барча турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни излаш, маълумотларини таҳлил қилиш;
3. Тизим орқали қонунчилик ҳужжатлари бўйича ишончли ахборот олиш ҳамда унда бўлаётган ўзгаришлардан тезкор равишда хабардор бўлиш (электрон почта орқали қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида хабар олиш);
4. Юридик ва жисмоний шахсларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан кенг фойдаланишини таъминлаш орқали аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш;
5. Жамиятни ҳуқуқий ахборотлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш;
6. Имконияти чекланган шахсларнинг тизимдан фойдаланиш имкониятини ошириш ҳамда миллий базадаги катта ҳажмдаги маълумотларни қулай ҳамда тез топиш имконини яратиш.